Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Жиноятчиликнинг олдини олишга ҳар биримиз маъсулмиз!
Қонунлар / 2023-10-19

 

 

Жиноятчилик-бу жамиятни таназзулга етакловчи иллатдир. Унинг кўринишлари турлича бўлиб, содир этилиш мақсади, усули ва бошқа фарқли жихатлари билан фарқланади. Халқ орасида ўғирлик, қотиллик, фирибгарлик, хиёнат ва шунга ўхшаш тушунчалар билан аталади. Жиноятчилик қандай номланишидан қатъий назар жамият учун  хавфлилигича қолади ва уни таназзулга етаклайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг раислигида жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, соҳани такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилингани, Ички ишлар идоралари тузилмаси тўлиқ янгилангани, илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ходимларнинг 65 фоизи аҳолига яқин ишлаш учун маҳаллаларга йўналтирилгани, бунинг натижасида йилдан йилга жиноятларнинг содир этилиш даражаси камайиб бораётгани, лекин қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони юқорилигича қолгани таъкидланди.

“Агар ҳамма бирдек жон куйдириб, оилалар муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олганда эди, бугун натижалар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу фаолиятга кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш орқали баҳо бериб келмоқда. Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак”, деди Шавкат Миромонович.

Демак, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг балки оила, маҳаллла, мактаб ва бошқа жамоат бирлашмаларининг ҳам бирдек вазифаси хисобланади.

Айтайлик оилада, маҳаллада ва мактабда бола тарбиясига нисбатан бўлган бугунги бефарқлик келгусида давлатнинг ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ахир келажак ёшлар қўлида деган ибора бежизга айтилмаган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида:

Ота фарзандига берадиган нарсаларнинг ичида энг афзали гўзал одобдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Давлатимиз рахбари Ш.Мирзиёев хам тарбия борасида “Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда” деб фикр билдирганлар.

Албатта, айни кундаги криминоген вазиятни барқарорлаштиришда ҳам юқоридаги учликнинг ўрни жуда катта аммо уларнинг асосий вазифаси келажак авлодни “халоллик ваксинаси” билан тарбиялашдан иборатдир. Зеро болалигидан халол ва харомнинг фарқини англаб, бировга озор бериш гуноҳ эканлигини онгига сингдириб тарбияланган инсон жамиятда мавжуд бўлган қонунларга уларни бузганлиги учун бериладиган жазодан қўрққани учун эмас, ушбу қонунларни ҳурмат қилганлиги ва виждони амр этганлиги учун амал қилади. Айнан шу нарса ҳуқуқ оламида “ҳуқуқий маданият” деб аталади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз лозимки жамиятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга ҳар биримиз маъсулмиз.!

  

Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти Маматқориев Муминжон Мамашариб ўғли

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?