Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Одам савдоси – аср муаммоси
Қонунлар / 2023-10-10

ХХI асрнинг жиддий муаммолари қаторига кирган одам савдоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган иллатлардан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши натижасида одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларнинг ўз қабиҳ ниятларини амалга ошириш борасидаги имкониятлари кенгаймоқда. Одам савдоси ниҳоятда ривожланиб бораётган жиноий индустрияга айланиб қолмоқда. Бу эса, дунё ҳамжамияти ҳуқуқ-тартиботи, тинчлиги ва хавфсизлиги учун жиддий хавф солмоқда.

Сўнгги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Орадан йиллар ўтган сари одам савдосига қарши кураш дунёнинг барча мамлакатларида амалда бўлмасин, бу муаммо бизни ҳозирги кунда ҳам қаттиқ ташвишга солмоқда.

Бугунги кунга келиб мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш шароитида хавфсизлигимизга ҳамда ижтимоий-маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи иллатлардан бири бўлган одам савдоси долзарб муаммолардан бирига айланди. Унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган Конвенцияга қўшилди. Шунингдек, мамлакатимиз парламенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги Конвенцияга ҳамда одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча ҳужжатлар имзоланди. 2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда 2008 йилнинг 8 июлида «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарор билан юқоридаги қонун нормалари амалга янада самарали тадбиқ этилмоқда.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Идоралараро комиссиянинг кенг фаолият юритиши, жиноятчиларни фош этиш ва жиноят қурбонларини ҳимоялаш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалалари янада такомиллаштирилиб, уни амалиётга кенг тадбиқ этган ҳолда, халқаро миқёсда амалга оширилса, кўзланган мақсадга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси К.Назаров

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?