Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 январдаги ПФ–11-сон Фармони қабул қилинди.
Фармон билан 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Стратегия доирасида қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:
«Инсон қадри учун» ғояси асосида адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш;
фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш;
судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;
судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш;
суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;
судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.
Қуйидаги тартибларни жорий этиш режалаштирилмоқда:
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апеллация ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апеллация ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.
Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланади, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилади.
Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди:
судга ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;
суд ишларига аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
одил судловга аралашганликка оид ҳар бир жиноят бўйича жамоатчиликни мажбурий хабардор қилиш;
судьяга нисбатан тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;
процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш бўйича мурожаатларни адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.
Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси шакллантирилди ва унга қуйидагилар киради:
Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
ҳудудий прокуратураларнинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.
Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Фармон билан ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида
2023 йил 1-сентабргача «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизими синов тарзида ишга туширилади ҳамда 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этилади.
Фармонга кўра, қуйидагилар жорий этилади:
айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш ваколати маъмурий органларга ўтказилади;
айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади.
Айрим йўналишларда прокурор назорати қисқартирилади, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликлари мақбуллаштирилади ҳамда унинг ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сони кўпайтирилади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари суд биноларида ўтиради.
Жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман судининг судья ёрдамчиси Н.Соатов
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024