Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ҳақ тўламай эгаллашда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулк эгаси ёки бошқа шахс ёхуд ваколатли ҳокимият органи мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси диспозициясига мувофиқ фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёҳуд мулк эгаси ёки бошқа шахсни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади. Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нарҳи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти (масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатиши) тааллуқли бўлиши мумкин.
Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва ҳ.к. киради.Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдор томонидан мулк эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган бошқа шахслар билан бўлган ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.
Фирибгарликда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни айбдор мулкдорлиги ёки эгалигига ихтиёрий равишда берадиган ақли расо шахсга нисбатан содир этилган бўлиши шарт. Айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган (масалан, ўта ёшлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкогол, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) шахсни алдаш ва ундан мулкни олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғирлик сифатида квалификация қилиниши лозим, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамайди.
Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозим.
Ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни эгаллашга қаратилган фирибгарлик айбдорда ўзганинг мулкига эгалик қилиш ёки тасарруф этиш учун юридик жиҳатдан тасдиқланган имконият пайдо бўлган пайтдан (масалан, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ёки қонунга мувофиқ рўйхатга олиниши шарт бўлган бошқа мулкка нисбатан ҳуқуқ рўйхатга олинган пайтдан; шартнома тузилган вақтдан; мулкка нисбатан шахснинг ҳуқуқи тан олинган суд қарори кучга кирган кундан; ваколатли давлат органи айбдорда ёки бошқа шахсларда мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш учун асослар мавжудлиги тўғрисида қарор қабул қилган кундан) тугалланган ҳисобланади.
Сурхондарё вилояти жиноят ишлари
бўйича Олтинсой туман судининг
архивариуси
Я.Рустамов
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024