Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Зўравонликка қарши 16 кун
Қонунлар / 2023-12-02

Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари алоҳида тоифага киритилади. Чунки бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳам, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳам ўзига хос фарқли жиҳатларга эга. Экспертларнинг фикрича, уй шароитидаги зўравонлик ва харассмент (тегажоғлик) – бу нохуш вазиятларнинг шундай бир турики, уларга аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ дуч келадилар. Боиси оддий – улар айнан аёл бўлганликлари учун кўп ҳолларда зўравонлик қурбонларига айланадилар.
Мамлакатимиз бўйлаб 25-ноябр куни старт олган “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз!” шиори остидаги “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси ҳам айнан мана шу, глобал миқёсда мураккаб муаммо деб тан олинган мавзуга бағишланди.
Аслида, ушбу кенг кўламли тадбир юртимизда кейинги беш йилда гендер тенгликни та’минлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ва самарали ишларнинг ифодаси бўлмоқда. Ваҳоланки, бу маррага етиб келгунимизча Ўзбекистонда бир қарашда кўзга ташланмайдиган жуда катта ишлар амалга оширилди.
Гендер тенглик демократик қадриятларнинг бир қисми сифатида:
қонунчилик асосини такомиллаштириш давом этмоқда.
Ҳар қандай ривожланаётган мамлакат, етакчилар қаторига қўшилишни мақсад қилиб олган экан, халқаро демократик ҳамжамият томонидан ўрнатилган ма’лум стандартларга риоя қилиши, ўз қонунчилиги ва тараққиёт дастурларини ҳам уларга мослаши зарур бўлади. Шу ма’нода Янги Ўзбекистон қурилишининг илк кунларидаёқ, я’ни беш йил аввал, гендер тенгликка эришиш ҳақиқий демократик қадриятларнинг ажралмас қисми сифатида энг устувор мақсадларимиз қаторига қўйилди ва бу жиҳат мамлакатимизнинг янги тараққиёт йўлини белгилаб берган барча дастурий ҳужжатларга ҳам киритилди. Агар авваллари бу йўналиш “миллий менталитет” каби баҳоналар билан тўсиб қўйилган бўлса, Янги Ўзбекистонда бундай сун’ий важ-корсонлардан бутунлай воз кечилди. Зеро, ҳатто энг консерватив жамиятлар ҳам гендер тенгликнинг заруратини тан олаётган бугунги кунда бу омил тараққиётимиз, шу жумладан иқтисодий ва ижтимоий ривожланишимизнинг зарурий шартига айланди. Бунда хотин-қизларга нисбатан куч ишлатиш, айниқса оиладаги зўравонликни бартараф этиш энг муҳим вазифалар қаторига қўйилди. Зеро, халқаро ҳуқуқ ҳам давлатларга бу борада аниқ мажбуриятлар юклайди.

Жумладан, жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича 8 та норматив ҳуқуқий ҳужжат
(2 та қонун, 1 та Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ва 5 та Ҳукумат қарори) қабул қилинди. Хусусан, “Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини та’минлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни давлат раҳбарининг 2021-йил 19-майдаги тегишли қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилди. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунларига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Моҳиятан ушбу қонун 2019-йилда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиш билан асос солинган ме’ёрий ҳуқуқий базани тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади. Ушбу қонун хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга жалб этилган тузилма ва идораларнинг вазифаларини аниқлаштириб, уларнинг ўзаро мувофиқлашган фаолиятини такомиллаштиришга замин ҳозирлади. Унда назарда тутилган энг муҳим ўзгаришлардан бири – бу фуқаролар йиғинларининг ваколатлари кенгайтирилиши бўлди. Жумладан, унга кўра, фуқаролар йиғинининг тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни белгилаши, шунингдек мазкур фактлар тўғрисида тегишли аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ҳамда ички ишлар органларини зудлик билан хабардор қилиши назарда тутилган. Бу жуда муҳим, чунки аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпроқ оилада қайд этилади, оила эса маҳалланинг бир қисми. Ҳаттоки тараққиёт ҳар сонияда илгарилаб бораётган 21 асрда ҳам ўзбек жамиятида маҳалланинг роли ошса ошдики, лекин ўз та’сир кучини йўқотгани йўқ. Қолаверса, зўравонликка қўл урган шахс ва бундай ҳолатлар қайд этилган оила, ҳаттоки уларнинг аждодлари ҳақида айнан маҳалла фуқаролар йиғинларида ишончли ма’лумотлар бўлади. Кези келганда ҳаттоки ҳуқуқ-тартибот органларининг чораларидан кўра маҳалла аҳлининг муносабати зўравон хулқини ўзгартирувчи асосий омил бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан тегишли нормаларнинг янги қонунга киритилиши аёлларга нисбатан оиладаги зўравонликни бартараф этиш борасидаги са’й-ҳаракатларнинг та’сирчанлигини оширади.
Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, аёлларнинг таҳқирланиши ҳамда уларнинг камситилишига қарши барчамиз бирдек ма’сулмиз.

Вилоят судининг судя катта ёрдамчиси Б.Нормуродов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?
Aъло
100%
Яхши
19%
Қониқарли
0%
Қониқарсиз
10%
Жами: 40 овоз берилди.