2023 йилнинг 30 апрел куни мамлакатимиз тарихидаги муҳим воқеа – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми бўлиб ўтди.
Маълумки, ҳар бир мамлакат Конституцияси замонга, дунёдаги глобаллашув жараёнларига, аҳолининг талаб ва истаклари, эҳтиёжларининг ўзгаришларига қараб такомиллаштириб борилади.
Статистик маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилликларда қайси мамлакатда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса, ўша давлатда қонун устуворлиги таъминлангани, жамиятда жамоат назорати кучайгани, ижтимоий адолат тамойиллари самара берган.
Амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилди, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошди, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпайди, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланди.
Энг муҳими, янги таҳрирдаги Конституцияда инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган.
Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди.
Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди.
Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.
Шунингдек, Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди.
Яъни, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланди.
Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.
Жиноят ишлари бўйича Олтинсой
туман судининг раиси
К.Назаров
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024