Асосий қонунимиз йиллар давомида халқимизнинг дилидан жой олди, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда мажбуриятларини ўзида мужассам этган дастурул амал сифатида намоён бўлди. Йиллар ўтган сайин Конституциямизнинг мукаммаллиги, ҳаётийлиги, унинг келажакнинг ҳам талабларига жавоб бера олиши исботланмоқда. Бу эса истиқлолнинг илк йилларида Асосий қонунни яратиш йўлида амалга оширилган улкан ва машаққатли меҳнат самарасидир. Ўтган давр ичида нимага эришган бўлсак Конституция асосида амалга оширилди, унинг нормаларига амал қилган ҳолда эришдик.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ўрганиш ва билиш, аслида фақатгина инсон ўзининг ҳуқуқларини билиши ва англаши эмас. Ҳар қандай мамлакат Конституцияси фуқароларни, улар сайлаган депутатларининг ҳуқуқий онги даражасини ифодалайди. Шахснинг ёки ижтимоий гуруҳнинг ҳуқуқий онгида умуман ҳуқуқ тўғрисидаги тасаввурлари, қонунийлик, одил судлов, адолат сингари ҳодисалар жой олган. Шу билан бирга ҳуқуқий онг ва ҳуқуқ ўртасида муайян тафовутлар ҳам мавжуд.
Улар ўртасидаги муносабатларнинг мураккаблиги шунда ҳам кўринадики, бизга маълум бўлган адабиётларнинг кўпчилигида, қатор мақола ва рисолаларда ҳуқуқий онг жамиятда қабул қилинаётган ҳуқуқий меъёрларнинг инъикоси сифатида талқин этилади. Улар шахснинг ҳуқуқий онги жамиятдаги ҳуқуқий меъёрлар, қонунларнинг таъсири остида шаклланиши лозим.
Шу боис ҳар бир шахс мамлакат Конституциясини тўла англаган ҳолда, қонунлар ва ҳуқуқий меъёрларда, аввало мамлакат Конституциясида шахс ва жамиятнинг ҳуқуқий онги қанчалик тўла акс эттирилганлигини билса Конституцион Қонунларимиз шунчалик ҳаётий ва самарали бўлади.
Масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор. Конституция ва Қонунлар демократик жамиятда ва демократияга интилаётган мамлакатларда алоҳида шахс томонидан қабул қилинмайди. Бундай жамиятларда фуқаролар мавжуд Қонунлар, ҳуқуқий меъёрлар ва уларнинг амал қилишини ўрганиб, уларга фаол муносабат билдирганларидагина жамият мустаҳкам ва кучли бўлади.
Энди Ватан тўғрисида илмий, илмий оммабоп ва бадиий адабиётларда ёзилаётган фикрларга назар ташласак, улар Ватанни киндик қони тўкилган жой, юртнинг гўзал табиати, боғу роғлари, пахтазорлари, ўтмиши, қахрамонлари тимсолида ифодаланишига гувоҳ бўламиз. Бу тарифларнинг барчаси тўғри. Уларнинг бирортасига эътироз билдириб бўлмайди. Бироқ, бу тоифалар ватанпарварликнинг барча қирраларини ўзида тўла акс эттирмайди. Биз эътиборни қаратмоқчи бўлган жиҳат Ватан манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Дарҳақиқат, Конституция Ватан ҳаётининг пойдевори бўлса, Қонунлар унинг устунларидир. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, Конституцияга хилоф ишлар, Қонунларнинг ҳар қандай бузилиши Ватанга қарши қилинган хуруждир. Конституцияни, Қонунларни ҳимоя қилиш эса, Ватанни ҳимоя қилишдир. Конституция ва Қонунларни ҳимоя қилиш учун эса, аввало уларни мукаммал билиш керак. Ўзи билмаган ва тушунмаган нарсани қандай ҳимоя қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам, ҳозирги кунда ватанпарварликнинг муҳим шартларидан бири унинг Конституцияси ва Қонунларини синчиклаб ўрганиш ва тўла англаб етишдир.
Юқорида келтирилган мулоҳаза ва мисоллардан Ватан ва ватанпарварлик туйғуси Конституция ва Қонунларни билишга, юксак ҳуқуқий онгга асослангандагина мустаҳкам бўлади, деган хулоса чиқариш мумкин. Ўзини ватанпарвар ҳисоблайдиган фуқаро Қонунларни, Конституцияни билмаса, уларга амал қилмаса, том маънодаги ватанпарвар бўла олмайди. Конституция ва Қонунларни билмайдиган фуқаро ўзи билмаган ҳолда уларни бузиши, демак Ватанга қарши ҳатти-ҳаракатлар содир этиши эҳтимоли кўпроқдир. Демак, оғизда у ватанпарвар бўлса ҳам, аслида ўз Ватанига қарши ишлар қилади. Бундай фуқарони эса ҳақиқий ватанпарвар деб эмас, Ватанининг мухолифи дейиш ҳақиқатга яқинроқдир.
Ватан остонадан бошланади деган нақл бор. Унга қўшимча қилиб, Ватаннинг остонаси унинг Конституцияси, ватанпарварлик эса Конституцияни, Қонунларни билишдан бошланади, дейиш мумкин.
Ўтмишда Ватанни ҳимоя қилиш учун жасурликнинг ўзи кифоя қилган бўлса, ҳозирги кунда у етарли эмас. Энди ватанпарвар бўлиш учун Конституция ва Қонунларни билиш, уларга амал қилиш, мазмун ва моҳиятини чуқур англаш ва ҳимоя қилиш ҳамда билимдонлик керак бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва мустақиллик йилларида қабул қилинган барча қонунларимиз, олиб борилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, ҳимоя қилишга йўналтирилган. Шу улуғ мақсад йўлида давлатимиз умумбашарий инсонпарварлик қоидаларига асосланиб, фуқароларимизнинг эркинликлари, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаб келмоқда.
Шунинг учун ҳам давр ўтиши билан биз Конституциямизнинг аҳамияти ва моҳиятини, ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини, қадр-қимматини янада чуқурроқ англаб бормоқдамиз ва унга бўлган ҳурмат-эътиборимиз тобора ортмоқда. Демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидан бири жамият аъзоларининг қонун олдидаги тенглиги, Конституция ва қонунлар устунлигининг таъминланганидир.
Шунингдек, агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса, фуқаролар ва юридик шахслар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир. Мухтасар қилиб айтганда Конституция - тараққиёт гарови. Демак, қонунларга қатъий амал қилсак, давлат ва жамият олдидаги бурчимизни адо этган, қолаверса мамлакатимизни гуллаб яшнашига ҳисса қўшган бўламиз.
ЖИБ Олтинсой туман судининг судья ёрдамчиси
Н.Соатов
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024