Ўзбекистон Республикасининг жорий қонунчилиги бўйича судларда жиноят ишининг кўрилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида олиб борилади. Жумладан, жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида судларда жиноят ишларининг кўрилиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилади, бундан:
-давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар;
-жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган ҳоллар мустасно.
Судларда жиноят ишларини ошкора кўриш суднинг ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосига асосан аудио ёки видеоёзувдан фойдаланган ҳолда, ёҳуд видеоконференцалоқа режимида ҳам ўтказилиши мумкин. Шунингдек, суд мажлисида ёпиқ тарзда олиб бориладиган жиноят ишлари ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра:
-18 ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни;
-фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек улар оила аъзоларининг ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда;
-ёҳуд бошқа ишларни суд ажрими чиқариган ҳолда ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.
Шахсий ёзишма ва шахсий телеграф хабарномалари очиқ суд мажлисида фақат бу хат ва хабарларни жўнатган ҳамда олган шахсларнинг розилиги билан ўқиб эшиттирилиши мумкин. Акс ҳолда улар ёпиқ суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва текширилади, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш барча процессуал қоидаларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади, ишни ёпиқ суд мажлисда кўриш тўғрисидаги суд ажрими буткул суд муҳокамасига нисбатан ёки унинг алоҳида қисмига нисбатан чиқарилиши мумкин, бироқ бу ажрим суд мажлисига йиғилганларга тааллуқли бўлиб, жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилмайди. Бундан ташқари, ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди ҳамда бу турдаги суд мажлисларини аудио ёки видеоёзувга олиш ҳам амалга оширилмайди. Суд, судланувчининг ва жабрланувчининг яқин қариндошларини, шунингдек бошқа шахсларни ёпиқ суд мажлисларида текшириладиган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантириб, уларнинг бу суд мажлисларида ҳозир бўлишларига рухсат беришга ҳақли. Суд мажлиси залида тартибни сақлаб туриш учун зарур бўлган ҳолларда, суд айрим шахсларни суднинг очиқ суд мажлисларида ҳозир бўлишини тақиқлашга ҳақли. Суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади ва бу ҳақида тегишли тартибда ажрим чиқарилади.
Суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари эса барча ҳолларда ошкора эълон қилинади. Суднинг қонуний кучга кирган қарорлари жиноят процесси иштирокчиларининг розилиги билан ёки шахси мавхумлаштирилган шаклда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин, бироқ бундан ёпиқ суд мажлисларида кўрилган жиноят ишлари бўйича чиқарилган суд қарорлари мустасно. Ошкораликни кенгайтириш учун судлар зарур ҳолларда оммавий ахборот воситалари ходимларини, тегишли жамоат бирлашмаларини ва жамоаларни бўлажак суд мажлислари тўғрисида хабардор қилиши, шунингдек суд мажлисларини бевосита корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида ҳамда таълим муассасаларида ўтказиши мумкин. Судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиш принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш тақиқланади, бундан жиноят-процессуал кодексида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Мақолани ёзишда интернет маълумотларидан фойдаланилди.
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси Дж.Маматалиев
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024