Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурида ҳам коррупцияга қарши курашиш масалалари белгиланган.
Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь), 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган корруцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган.
Ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 январида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонунда коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари белгилаб берилди.
Ушбу қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Шунингдек, қонуннинг 5-моддасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир.
Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилиб келинмоқда.
Хусусан, мамлакатда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, коррупция – вайронкор куч, у миллий иқтисодиётга мисли кўрилмаган даражада путур етказади. Ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, ҳокимиятга ишонч йўқолади, жамиятда маънавият бузилади ва ҳоказо.
Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари инсон шаънини камситадиган, ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантирадиган иллат – коррупцияга қарши курашишга эътибор қаратмоқда.
Бу жараёнда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш чора-тадбирларини кўриши, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар кўриши, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим ва тарбияни олиб бориши лозим.
Коррупция билан боғлиқ ҳолатларни кўрганда бефарқ бўлмайлик. Шунда коррупция деган иллатдан бутунлай қутилиш мумкин булади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси
Эргашев Отабек Акбутаевич
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024