Ота-оналарнинг вояга етмаган ўз болаларига. Яъни 18 ёшга тўлмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти болалар тўғрисида ғамхўрлик қилиш шаклларидан бири бўлиб, бу ота-онанинг конституциявий мажбуриятлари даражасига кўтарилган (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддаси).
Ота-онанинг фақат вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти биринчи навбатда, ота-онанинг ўз болаларини моддий жиҳатдан таъминлаш мажбуриятини англатади. Бу мажбурият болани зарур озиқ-овқат махсулотлари, кийим-кечак, бўш вақтларда ва дам олиш пайтларида болани унинг учун зарар бўлган ашёлар билан таъминлашда ўз ифодасини топади.
Оила кодексида вояга етмаган болаларга таъминот беришнинг тартиби ва шакли ота-оналар томонидан мустақил равишда белгиланиши назарда тутилган. Чунончи, ота-она фақат бир кишининг иш ҳақини вояга етмаган боланинг (болаларнинг) таъминотига сарфлаш тўғрисида ўзаро никоҳ шартномасида келишиб олишлари мумкин-ота-она бола эҳтиёжи учун ажратиладиган маблағ миқдорини, шунингдек, бу маблағ қай тарзда берилишини, яъни заруратга қараб ёки бошқа шартлар асосида бериб турилишини ҳам мустақил равишда белгилайди.
Башарти, ота-она улардан бири вояга етмаган болаларнинг таъминотига доир мажбуриятни бажармаса, зарур маблағни суд тартибида ундириб олишга йўл қўйилади.
Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.
Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.
Алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга мувофиқ алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс ушбу келишувда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлайди.
Алимент олувчи алимент ўз вақтида тўланмаганлигида айбдор алимент тўлаши шарт бўлган шахсдан алимент тўлаш мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлик оқибатида етказилган барча зарарларнинг неустойка билан қопланмаган қисмини ундиришга ҳам ҳақлидир.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувга ёки ижро варақасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақидан ва (ёки) бошқа даромадидан ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, 3 кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши шарт.
Алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади.
Иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан, тижорат ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга шартнома асосида ўтказилган пул маблағидан ундирилади, мулк ҳуқуқининг ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустасно. Бу маблағ етарли бўлмаганда ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси асосида ўтган даврдаги алимент қарзи ижро варақаси ёки алимент тўлаш тўғрисидаги келишув алимент ундириш учун тақдим қилингунга қадар ўтган уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун ундирилади.
Агар алимент алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан ундирилмаган бўлса, алиментлар уч йиллик муддатдан қатъи назар, ўтган барча вақт учун ундирилади.
Алиент қарзининг миқдорини белгилаш
Алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади.
Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади. Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин.
Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина йўл қўйилади, вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно.
Агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра алимент тўламаганлигини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди деб топса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақлидир.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.
Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадга нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса, олдиндан тўланган алиментлар учун кейинги даврларда алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади кўпайиши натижасида вужудга келадиган қўшимча алимент тўловларини тўлашдан озод қилмайди.
Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.
Алимент миқдори суд тартибида белгиланганидан кейин тарафлардан бирининг моддий ёки оилавий аҳволи ўзгарса, суд улардан ҳар бирининг талабига кўра алиментнинг белгиланган миқдорини ўзгартиришга ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахсни алимент тўлашдан озод қилишга ҳақли.
Алимент миқдорини ўзгартиришда ёки уни тўлашдан озод қилишда суд тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини ҳисобга олишга ҳақли.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.
Ижро ҳужжатларининг алиментлар ундириш ҳақидаги талаблари дарҳол ижро этилади.
Ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатнинг ўтганлиги мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш учун асос бўлади.
Башарти, ота-онанинг ҳар иккиси ўзининг вояга етмаган боласига таъминотни ихтиёрий равишда бермаётган бўлса, васийлик ва ҳомийлик идоралари ота-онанинг ҳар иккисига нисбатан даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни жоиз деб биламанки, давлатимизда кенг кўламли ислоҳотлар давом этаётган бир пайтда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири баркамол ва соғлом авлодни тарбиялаш ва таълим бериш экан бунда, ҳар бир ота-она ўз фарзанди олдидаги бурчини лозим даражада бажариши мақсадга мувофиқ. Зеро, бу борада ота-онанинг масъулиятини ошириш давр талаби бўлиб қолаверади. Халқимиз, бола тарбиясини доим муқаддас деб билади.
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024