Бугунги кунга келиб давримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий ва кўп томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши жахон миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.
Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йили МДҲ доирасида "Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида"ги келишув, 2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида "Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури" қабул қилинган эди.
Шунга қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли.
Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Бу жиноятнинг асосий сабаби маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир. Бугунги кунда инсонлар қул қилиб сотаётган баъзи кимсалар инсонларни ҳур қилиб яратган Аллоҳ таоло билан Худоликни талашмоқда. Ислом дини кўрсатмаларида ҳам инсоннинг жонзотлар ичида энг мукаррами экани таъкидланиб, қулликка қарши қатъий чоралар белгилаб қўйилган.
Аллоҳ таоло инсониятга ўзининг сўнгги дини Исломни юборганда қулдорлик тузуми мавжуд бир воқеълик эди. Ислом дини инсонни ҳур яратилганлигини таъкидлаб, уни тугатиш чораларини кўрди. Қул озод қилишни савоб даражасига кўтарди, бунинг устига тез-тез такрорланувчи турли хил хато ва гуноҳ ишларнинг каффоратига қул озод қилишни буюрди. Масалан, қасамни бузиш, фарз рўзасини билиб туриб бузиш кабилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Ким бир мўмин қулни озод қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир аъзоси учун бунинг аъзоларини дўзахдан озод қилади”, деб марҳамат қилдилар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.
Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – оғир жиноят ва катта гуноҳдир!
Сурхондарё вилоят судининг девонхона катта консультанти М.М.Маматқориев
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024