Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқаролар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда ушбу фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этиш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида қўшимча тўлов (кейинги ўринларда — қўшимча тўлов) тўлаб борилади;
1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга бепул етказиб бериладиган зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ўрнига кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида тўланадиган компенсация (кейинги ўринларда — компенсация) жорий этилади.
Бунда, қўшимча тўлов Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан пенсияларни ва нафақаларни тайинлашга масъул бўлган ташкилотга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида тақдим этиладиган маълумотлар асосида амалга оширилади.
Белгилансинки, компенсация ва қўшимча тўловлар мазкур бандда келтирилган шахсларга, уларнинг пенсиялари ва нафақалари тўланадиган тартибда тўланади.
2. Қўшимча тўлов ва компенсацияларни молиялаштириш қуйидагилар:
а) Пенсия жамғармаси ҳисобида турган пенсия ва нафақа олувчиларга:
қўшимча тўловлар — Пенсия жамғармаси маблағлари;
компенсациялар — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;
б) Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Олий суд, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Электрон технологияларни ривожлантириш маркази, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитаси томонидан тайинланган пенсия ва нафақаларни олувчиларга қўшимча тўловлар ва компенсациялар мазкур вазирлик ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Молия вазирлиги ушбу қарорда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағлар 2022 йилда Давлат бюджети параметрларида 1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена товарлари ва кийим-кечаклар учун назарда тутилган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида ажратилишини таъминласин.
4. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг 1-бандида келтирилган имтиёзли тоифадаги шахсларга маҳаллий бюджет, «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда моддий кўмак ва ижтимоий ёрдам кўрсатиб боришни таъминласин.
5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари босма ва электрон ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг кўламда ёритиб борилишини таъминласин.
6. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 июнь,
ПҚ-274-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.06.2022 й., 07/22/274/0501-сон)
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024