Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилади.
Эндликда Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими расман тугатилди.
Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сони 25 тадан 21 тагача қисқартирилади.
Шунингдек, Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан 12 та давлат бошқаруви органлари фаолияти тугатилиб, вазифа ва функциялари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилади ва 24 та давлат бошқаруви органининг ташкилий бўйсунуви ўзгаради.
Ҳукуматда амалдаги 8 нафар Бош вазир ўринбосари ва 3 нафар Бош вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар Бош вазир ўринбосари қолдирилмоқда.
Бош вазир ўринбосари бир вақтнинг ўзида вазир ёки бошқа раҳбарлик лавозимини эгалламайди ҳамда вазирликлар ва бошқа давлат идоралари фаолиятини тўғридан-тўғри бошқармайди.
Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида амалдаги 269 та штатдан 120 таси қолади. Вазирлар Маҳкамаси аппарати тугатилмоқда.
Унинг ўрнига Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинмоқда.
Фармонига мувофиқ, шунингдек, вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали ташкил қилишга йўналтирилган биринчи навбатдаги чора-тадбирларни белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-14-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон билан жами 17 447 та бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирликлари қисқартирилмоқда. Шу жумладан, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача (-63) ёки 30 фоизга камайтирилмоқда.
Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, 703 та автотранспорт воситаси ва 10 та бино ҳам бўшамоқда.
Вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони 56 573 нафар этиб белгиланмоқда. Нобюджет маблағлардан қўшимча бошқарув штатларни киритиш қатъий тақиқланмоқда.
Ҳар бир вазирлик ва идора ўз фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкиллаштиради. Бунинг учун 16 та йўналиш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган Ўзбекистон президентининг ҳужжати лойиҳасини киритади.
Таклифларда қуйидаги масалалар ўрин олади:
соҳаларда ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ечим топишга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий чора-тадбирлар, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш;
бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш;
тадбиркорлик субъектлари учун тенг имкониятлар яратиш орқали давлат харидлари жараёнида рақобатни ривожлантириш;
тегишли соҳаларда давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини кенг жорий қилиш;
2023 йилдан бошлаб вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим ташкилотларининг айрим функцияларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш;
тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;
вазирлик ва идораларда ҳамда улар таркибига кирадиган ташкилотлар кесимида коррупция авж олган соҳаларда унинг ривожланиш сабаблари ва шартларини ўрганиш асосида ушбу соҳаларнинг ҳар бирига “ташхис қўйиш” ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш;
соҳага АКТни кенг жорий этиш, шу жумладан вазирлик ва идораларнинг иш жараёнини рақамлаштириш;
энергияни тежаш, унинг самарадорлигини ошириш ва соҳага қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жалб қилиш.
Фармон билан вазирлик ва идораларнинг ягона рўйхати тасдиқланмоқда. Унга кўра, ҳукуматга бўйсунадиган мустақил вазирлик ва идоралар сони жами 26 та этиб белгиланмоқда. Улар таркибига кирган барча қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар билан бирга жами 69 тага тенг.
Шундан:
вазирликлар – 21 та;
қўмиталар – 12 та, шундан 2 таси мустақил мақомга эга;
агентликлар – 25 та, шундан 3 таси мустақил мақомга эга;
инспекциялар – 11 та.
Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ўзбек ва рус тилларидаги қисқартма номлари тасдиқланиб, уларни йиғилиш ва видеоселектор баёнлари, хизмат ёзишмалари, таҳлилий материалларда кўрсатиш мумкин бўлади.
Жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман судининг раиси
К.Назаров
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024