Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Ўзбекистон Республикасини бутун дунё яна бир бор тан олмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг шу йил сентябрь ойида бўлиб ўтган                    78-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида нутқ сўзлади.

         Давлатимиз раҳбари дастлаб охирги пайтларда халқаро муносабатлар тизимида рўй бераётган фундаментал ўзгаришлар, бутун башарият тақдирига дахлдор масалалар ҳамда геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли инвестиция ва инновация соҳаларида вужудга келаётган тўсиқлар ҳақида сўз юритди. Ўз навбатида, «Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз «Инсон қадри ва манфаатлари учун» деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда», дея таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида юртимизда янги таҳрирдаги Конституция ва ҳуқуқий асосда «Ўзбекистон – 2030» тараққиёт стратегияси қабул қилингани, сўнгги олти йил ичида ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайиб, камбағаллик икки баробарга камайгани, таълим тизими тубдан ўзгараётгани, мактабни битирган ҳар икки ўқувчининг бири олий ўқув юртида таҳсил олиши учун имконият яратилаётгани, ёшлар сиёсати олиб борилаётгани хусусида эслатиб ўтди. Бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб одамлар пахта теримига мажбуран жалб этиб келинганини, сўнгги йилларда эса мажбурий меҳнатга ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, барчани диний тоқатсизлик ҳолатларига йўл қўймасликка чақириб, Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклифини киритди. Буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йили Ўзбекистонда «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Бундан ташқари, диёримизда Осиё хотин-қизлари форумини ташкил этишни таклиф қилди. Орол муаммоси, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этиш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

         Шубҳасиз, бу фикр-мулоҳазалар ва таклифлар нафақат Ўзбекистоннинг, балки бошқа давлатларнинг келажаги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, дунё аҳли бизни, аввало, тилимиз, маънавиятимиз, Президентимиз нуфузли анжуманларда ўзбек тилида сўзлаётган нутқ орқали тан олмоқда. Бу ютуқлар ортида эса, машаққатдан ташқари, барчамиз учун муҳим бўлган масъулият ҳам ётади.

 

 

 

 

Жиноят ишлари бўйича Олтинсой

 туман судининг раиси

К.Назаров

 

 

 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?