Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тарихий нутқ сўзлади. Унда БМТ нинг ҳозирги сессияси жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилаётган, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаяётган ва буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлаётганлиги таъкидланди.

Бунинг натижасида дунё давлатлари ўртасида савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келаётганлиги, ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилаётганлиги эътироф этилди. Ана шундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётганлигини Ўзбекистон раҳбари ушбу юксак минбардан туриб дунё аҳлига юзланди. 

Ўзбекистон ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттиришини, мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгарилаб бораётганлигига дунё аҳли гувоҳ бўлмоқда.

Жорий йил апрель ойида янгиланган Конституция бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Унда халқимиз янгиланган Конституциясини қўллаб-қувватлади ва ислоҳотларимизнинг ортга қайтмайдиган муқаррар тус олиши таъминланди. Мана шундай ҳуқуқий асосда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси қабул қилиниб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун мақсадлар қўйиб, Ўзбекистон ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқда. 
Изчил давом этаётган ислоҳотлар натижасида ва халқнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайиб, бу кўрсаткич 2030 йилгача яна 7 фоизга туширилиши режалаштирилган. Аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини бир неча бор оширишни белгилаган. 
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича эътиборга лойиқ натижаларга эришилганлиги, мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганлиги Президентимиз нутқида фахр билан тилга олинди.

Бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинганлиги, ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинганлиги, бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинганлиги, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилганлиги ҳам айни ҳақиқат. Мамлакат раҳбарининг қатъий иродаси туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди.

Янги Конституциямизда мажбурий меҳнат таъқиқланиши кафолатлаб қўйилди ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, бунга чек қўйиш имкони борлигини Ўзбекистон тажрибаси кўрсатганлиги шундай иллатга давлатлар учун намуна мактаби бўлиб ҳисобланади.

Ҳар бир давлатнинг энг катта бойлиги – Инсон капиталидир. “Инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан биридир”, –дея таъкидлади Президентимиз. “Биз ҳамма учун очиқ ва сифатли таълимни камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омили, деб биламиз. Мамлакатимиз охирги йилларда бу борада катта тажриба тўплади – таълим тизими тубдан ўзгармоқда. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади”.

Ўзбекистонда кейинги йилларда хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этишини таъминлаш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилганлиги, миллий сиёсатимиз марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат эканлиги ҳам Президент нутқидан алоҳида ўрин олган. Аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилинганлиги, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан Ўзбекистон манфаатдор эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугун дунё аҳлини қаттиқ ташвишга солган, дунёда вужудга келган кескин экологик вазият ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаяётган мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганлигига яна бир карра дунё давлатларининг эътибори қаратилди.

Президентимизнинг тарихий нутқларида яна бир глобал муаммо – радикализм ва диний экстремизм муаммосига алоҳида эътибор қаратилган. “... экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларимизни кучайтиришимиз зарур”, дея таъкидлади Президент.

Ўзбекистонда ушбу йўналишда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегиямиз доирасида илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масаласи кун тартибида доимо долзарб турибди. Бу бу борада Ўзбекистон ўзига хос тажриба орттиргани, беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссияси ўтказилгани, унинг доирасида 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болаларни Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли низолар ҳудудларидан юртимизга қайтарилганлиги ҳам ушбу соҳадаги инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин ифодаси эканлигини дунё давлатларига намойиш этди.

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда янада бирлашиб, ҳаракат қилишлари зарурлигини ушбу юксак минбардан туриб алоҳида эътироф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз сўзини “Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур” – дея якунлар экан, Ўзбекистон шу йўлда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга тайёр эканини яна бир бор қатъият билан таъкидлади.

Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой туман судининг раиси                                  

           К.Назаров

 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
14 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?
Aъло
100%
Яхши
24%
Қониқарли
0%
Қониқарсиз
14%
Жами: 29 овоз берилди.