Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 март куни қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли қарорининг мазмун моҳияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 март куни қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли Фармони қабул қилинди.

Унда 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши, мазкур юридик шахсларнинг ушбу банд иккинчи хатбошисида кўрсатилган ходимлар олдидаги мажбуриятлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилиши белгиланди.

Шунингдек, хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

а) олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтирилди.

б) давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилди ва 2022 йил 1 октябрга қадар контракт тўловларини қоплаб бериш белгиланди.

в) хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича — 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича — 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб бориш белгиланди.

г) ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб бориш белгиланди.

д) мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилди.

е) давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб бориш белгиланди.

2022 йил 1 июндан бошлаб давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилиб, бунда:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳузурида малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади;

малакани баҳолаш марказлари касбий малака талабларини ишлаб чиқади ва салоҳиятли таълим муассасаларига давлат буюртмасини беради;

ўқув курсларини тугатган хотин-қизлар билими даражаси малакани баҳолаш марказлари томонидан аниқланади ва шу асосда уларга малака сертификатлари берилади;

малака сертификатини олган хотин-қизларга меҳнат фаолиятини бошлаши учун ўқиш харажатларига тенг миқдорда малакани баҳолаш марказлари томонидан субсидиялар берилади;

малакани баҳолаш марказлари томонидан умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар мактаблари, академик лицей ва коллежларнинг битирувчи синф ўқувчи-қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш бўйича давлат буюртмаси берилади.

Қишлоқ жойларидаги аёлларни касбга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ва иш билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 2023 йилдан бошлаб:

ҳар йили нодавлат ташкилотларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 минг баравари миқдоригача грантлар бериш учун Давлат бюджетидан камида 50 миллиард сўм Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратиб бориш белгиланди.

туман (шаҳар) сектор штаблари жойлашган биноларнинг камида биттадан хонасида ўқув курсларини ўтказиш учун зарур шароитлар яратилиш белгиланди.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестри жорий этилди.

Бундан ташқари, ушбу Фармон билан 2022 — 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастури тасдиқланди.

 

 

Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой туман судининг раиси         

                     К.Назаров

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?