Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ОЛТИНСОЙ ТУМАН ҲОКИМИ БАҲРОМ МАХМАТРАЕМОВНИНГ 1 ОКТЯБРЬ - ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

 


Ассалому алайкум, қадрли устоз ва мураббийлар!
Авваламбор Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан чин қалбдан самимий муборакбод этаман.


Улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари «Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила», деганларида сиз каби фидойи устозларнинг шарафли меҳнатингизни назарда тутганлигига ишончим комил.
Дарҳақиқат, устоз деганда ҳар қайси инсон кўнглига чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити ва кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз.
Халқимиз устозларни эъзозлаб “Устознинг умри мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади” дейди. Ҳа, жуда ҳам тўғри фикр. Муаллим-устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда ўқитувчи обрўсини юксалтириш, иззатини ўз ўрнига қўйиш, таълим масканларини обод этиш борасидаги туб ўзгаришлар амалга оширилди. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу даъват ўртага ташланди. Бундан нафақат ўқитувчи ва мураббийлар, балки барча халқимиз, кексаю ёш бирдек мамнун бўлди.
Азиз устозлар, мураббийлар!
Бугунги кунда Олтинсой туманида ҳам фидойи, ҳалол, ўз вазифасини виждонан адо этиб келаётган устоз-мураббийларимиз кўплаб топилади. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Қуйидаги илғор устоз- мураббийлар — 13- айрим фанлар чуқур ўқитиладиган мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Юлдуз Ҳасанова, 63-мактабдан математика фани ўқитувчиси Бобомурод Алиев, 47-мактабдан инглиз тили фани ўқитувчиси Бакир Муродов, 12-мактабдан она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Турғун Жўраев, 7-мактабдан физика фани ўқитувчиси Азим Мелиқуловлар шулар жумласидандир.
Фурсатдан фойдаланиб, ёш авлодга таълим-тарбия беришда камарбаста бўлиб, меҳнат қилаётган барча устозларимизга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман.
Сиз азизларни, туманимиз таълим соҳаси фидойиларини, барча устоз ва мураббийларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Сизларга сермазмун умр, соғлик ва омонлик тилайман. Баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказишдек муқаддас ва шарафли ишларингизда муваффақиятлар ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?