Дунё миқёсида ҳар йили 600 мингдан 800 минг нафаргача аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетиб сотилади.
Ҳозирги кунда одам савдоси давр муаммосига айланиб бораётгани барчамизга маълум. Одам савдоси бугунга келиб глобал хавфсизлик, жамият барқарорлиги ҳамда жаҳон ҳамжамиятига таҳдид солаётган жиноят, деб баҳоланмоқда. У ўзининг хавфсизлик даражаси бўйича ноқонуний қурол-яроғ сотиш ҳамда наркобизнес каби трансмиллий жиноятлар билан бир қаторга қўйилмоқда.
Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар одамларни нафақат жинсий ёки меҳнат эксплуатацияси учун, балки уларнинг ички органларини трансплантация қилиш, наркотик моддаларни тарқатиш, бошқа турдаги жиноятлар содир этиш учун ҳам ёллаб, мажбурланмоқда. Халқаро экспертларнинг маълумот беришича, ҳар йили дунё миқёсида 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айланади. Ушбу жиноятчиликдан тушаётган ноқонуний даромад эса 7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.
Дунё миқёсида ҳар йили 600 мингдан 800 минг нафаргача аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетиб сотилади. Айниқса, одам савдосидан жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ёки ёш болалар ташкил этаётгани аянчли ҳолатдир. Одам савдоси инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган энг катта муаммолардан саналади. Бу савдо жамият тараққиёти ва давлат ривожига жиддий хавф туғдираётган, ўз домига асосан аёлларни ва ёшларни тортаётган жиноятчиликнинг хавфли кўринишларидан бирига айланиб бормоқда. Одам савдоси бугунги кунда ҳар қачонгига қараганда ҳам чуқурроқ авж олиб бораётгани, бутун дунёда инсонларни камситиш, уларнинг ҳуқуқларини тан олмаслик даражалари ортиши инсонларни саросимага солмоқда. Одам савдоси жинояти қулликнинг замонавий шакли бўлиб, қул савдосининг янги кўриниши ҳисобланади.
Одам савдоси жамиятнинг моддий, техник, интеллектуал салоҳиятини пасайтиради, унинг генефондини бузади. Ундан сақланмоқ, одамларни огоҳликка чақирмоқ жамият олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Зеро, одам савдоси ҳудуд, чегара, миллат танламайдиган мудҳиш жиноятдир.
Инсонларнинг одам савдоси қурбони бўлиб қолиши асосий сабабларини таҳлил қилганимизда қуйидагилар ўз тасдиғини топмоқда:
– Инсонлар ўз ҳуқуқларини, миллий ва халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билмаслиги, мустақил ва эркин фикр юрита олмаслиги.
– Дунёда ишсизлар сонининг ошиб бораётганлиги.
– Тез ва осон мўмай даромад топиш илинжи.
Одам савдосига қарши курашишда биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа тегишли идоралар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар камлик қилади. Шунинг учун барча фуқаролар биргаликда курашиши керак.
Ҳозирда дунё манзарасига назар соладиган бўлсак, оддий, соддадил, ҳалол меҳнат қилиб фарзандларини боқиш мақсадида ишсиз қолган кимсаларни ўз тўрига илинтириб, олдиндан кўп миқдорда пул ваъда қилиб, эркин бир инсонни қулликка маҳкум қилаётган одамфурушлар жамиятимиз ривожига путур етказмоқда.
Жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман судининг раиси
К.Назаров
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024