Одил судловни таъминлаш имкониятлари янада оширилди
Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, мустақил, очиқ ва шаффоф суд тизимига эришиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш борасидаги ўзгаришлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Жумладан, Фармонда “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш устувор вазифа қилиб белгиланди.
Шунингдек, Фармон билан:
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши назарда тутилди.
Бундан ташқари, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш мақсадида одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпусини ташкил этиш белгиланиб, уларга суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш ва бошқа вазифалар юклатилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ушбу қабул қилинган Фармон “Инсон қадри учун” ғояси асосида адолатли суд тизимини янада мустаҳкамлаш билан биргаликда, халқимиз манфаати ва инсон
қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман судининг раиси
К.Назаров
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024