Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ШОДЛИКЛАРГА ТЎЛИБ КЕЛДИНГ, НАВРЎЗИМ!
Тадбирлар / 2022-03-15

Олтинсойликлар Қорлиқ маҳалласидаги Наврўзсойда байрамни тантанали нишонлади

 

Юртимизга Наврўзи олам кириб келди. Турналар карвони феруза осмонда «Қурей-қурей» дея арғимчоқ солиб учмоқда.

Туманимиз меҳнат аҳли 2022 йилнинг Наврўзини ҳам қувончли янгиликлдар, меҳнат зафарлари билан кутиб олишди.

Бугун Олтинсой туманидаги Наврўз байрамига бағишланган халқ сайли Қорлиқ маҳалласи адирларида эрта тонгдан бошланди.

Тонг ёриша бошлагандан байрам ўтказиладиган жойга одамлар дарёдай оқиб кела бошлади. Турнақатор машиналар карвони қирга қараб тирмашарди. Ранго ранг кийинган опа-сингилларимиз, от минган чавандозлар, ўсма қўйган қизчалар, чопаётган болакайлар, машиналар карвони ажиб манзара касб этмоқда.

Адирлар устига тикилган оқ ўтовлар каттакон гулдай яшнаб турибди. Қирларга ўрнатилган паннолардаги «Наврўз муборак бўлсин!» деган табрик ёзувлари олис-олислардан кўринади.

 

Адирда байрам авжига чиқди. Бир томонда Шерали бахши Жумаевнинг жарангдор овози адирни тутди, бир ёнда ёшлар спорт мусобақаларини бошлаб юборишди.

Маҳаллаларнинг ўтовлари олдида қўшиқ ва рақслар, келин саломлар, чанқовуз оҳанглари, фольклор ансамбллари рақслари нигоҳларни сеҳрлади. Одамлар кенг адирликда кўнгил ғуборларини ёздилар.

Байрам тантаналари олдидан қўрғонлар кўриги ўтказилди. Улар ранго ранг сўзаналар билан безатилган. Баҳорий таомлар дастурхонларни безатиб турибди. Дошқозондаги ош нуронийлар ва меҳнат фахрийларига, байналмилал жангчиларга тарқатилмоқда.

Олам ям-яшил. Одамлар турфа кийинган. Ҳамманинг юзида қувонч.

15-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш ижрочиларининг доиралари гумбурлаб, далаларнинг асрий сукунатини бузаяпти.

 

Халқ бу ёқдан бу ёққа дарёдай оқади. Тумандаги тадбиркорлар, ошпазлар, дўкончиларнинг бозори қизиган. Кўчма ошхоналар ишлаб турибди.

Ким меҳнат жамоаси билан, ким оиласи билан майсаларга гилам ёзиб яйрамоқда.

Соат 10-00да баланд жойга ўрнатилган катта саҳнага туман ҳокими ўринбосари Хайрулла Қосимов чиқиб, Олтинсой тумани ҳокими Алишер Джумаевнинг туман аҳлига Наврўз табригини ўқиб эшиттирди.

 

Шундан сўнг олтинсойликларнинг Наврўз байрамида қатнашиш учун Тошкентдан келган таниқли санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Баҳром Назаров Олтинсой аҳлини байрам билан табриклади ва дилтортар қўшиқларини ижро этди. Эл севган хонанданинг қўшиқлари гулдурос қарсаклар билан олқишланди. Туман маданият бўлими раққосалари саҳнани тўлдириб рақсга тушди. Дилбар қўшиқлар тобора авж олган сари томошабинларнинг севинчи орта борди. Барча-барча рақсга тушиб кетди.

Байрам куни туман спортчилари ҳам яшил майдонда ўзаро куч синашдилар.

Бир сўз билан айтганда, элимиз шу куни яйраб байрам қилди. Кексалар юртимиз  тинчлиги ва ободлиги учун дуолар қилди. Бу кунларга етказгани учун шукроналар айтишди.

Элимиз 2022 йилнинг Наврўзини  ана шундай хушбахтлик билан кутиб олди.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?