Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ДАВЛАТ-ТИББИЙ СУҒУРТА: МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАР    
Тадбирлар / 2023-02-28

   Маълумки,  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ташаббуси билан ЖССТ экспертлари маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда  давлат тиббий суғуртани жорий қилишнинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилди.

Бугун, 28 февраль куни Олтинсой туманидаги 15-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида  “Соғлиқни сақлаш  муассасаларида давлат тиббий суғурта механизмини босқичма-босқич жорий этиш” мавзуида амалий семинар бўлиб ўтди.

    Унда дастлаб Олтинсой тумани ҳокими ўринбосари Хайрулла Қосимов сўзга чиқиб, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Концепцияда соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш, тиббий суғуртага оид қонун қабул қилиш, ушбу тизимни 2021 йилдан Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида қўллаш ҳамда 2025 йилгача республика миқёсида тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш вазифалари белгилаб берилганини айтиб ўтди.

Шундан сўнг Давлат-тиббий суғурта жамғармаси Сурхондарё вилояти бўйича бош мутахассиси Алижон Мавлонов  сўзга чиқиб,  Давлатимиз раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат тиббий суғуртаси жамғармасини ташкил этиш, унинг зиммасига тиббий суғуртани жорий қилиш, бошқариш, кафолатланган пакет бўйича кўрсатилган тиббий хизматларни молиялаштириш, ажратилаётган маблағлар самарадорлигини назорат қилиш вазифаси юклатилган. Жамғарма давлат муассасаси сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, ҳозирда уни малакали кадрлар ва техник воситалар билан шакллантириш жараёни кетаётганлиги  ва 2024  йилдан бошлаб барча ҳудудларда  давлат-тиббий суғуртасини жорий қилиш режалаштирилганлигини таъкидлади.

Бўлиб ўтган амалий –семинарда Олтинсой туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фарид Умаров, янги тизимда оилавий шифокор ва унинг беш нафар ёрдамчи ҳамширасидан иборат “бригада”лар ташкил қилиниши, ҳар бир “бригада” 2 минг нафаргача бўлган аҳолига хизмат кўрсатиши режалаштирилганлиги, давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилиши, оилавий шифокорларнинг ваколати кенгайтирилиб, беморларга бепул даволанишга йўлланма тақдим этиш, бепул дори-дармон учун рецепт бериш имкониятлари ҳақида гапириб, МФЙларда ушбу бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиш лозимлигига тўхталди.

Тадбирда Олтинсой тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Малика Хидирова, “Янгиқурилиш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қувондиқ Эшқуловлар сўзга чиқиб,  жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси тизимининг мазмун-моҳияти, мақсади юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар  олишди. Тадбирда ушбу мавзуда видеорлик намойиш этилди.

               Нормурод ТЕМИРОВ,

              Одилжон СОДИҚОВ.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?