Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ШОИР ҚЎЧҚОР НОРҚОБИЛ — ОЛТИНСОЙДА
Тадбирлар / 2023-05-08
Ижодий учрашув
 
Олтинсойлик ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қўчқор Норқобил ўзи туғилиб ўсган заминда зиёлилар, китобхонлар ва ёшлар билан учрашиб, китоб ва китобхонликни, адабиётни тарғиб этувчи ижодий учрашувлар ўтказаяпти. Ёзилажак янги асарларига қаҳрамонлар ва мавзулар изламоқда. Изланувчан ёшларга адабиёт соҳасидаги билим ва тажрибасини ўргатаяпти.
Куни кеча тумандаги 13-сонли ИДУМда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси топшириғига кўра, меҳмон ижодкор Қўчқор Норқобил бошчилигида Тоғай Мурод асарлари мавзусидатуман мактабларидаги юқори синф ўқувчилари ўртасида "Бу дунёда ўлиб бўлмайди" шиори остида ижодий иншолар танлови ўтказилди.
Танлов бошланишидан олдин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва драматург Қўчқор Норқобил ёшлар билан ижодий суҳбат ўтказди. Унда Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемов ва туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Ўткир Қурбоновлар ҳам иштирок этишди.
Шоир Қўчқор Норқобил ўқувчиларга адабиёт ва адиблар олами, ёш ижодкорлар ўз қобилиятини ривожлантириш учун нималарга эътибор бериши кераклиги борасида сўзлади ва ўқувчи ёшларнинг саволларига жавоб берди.
Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемов ҳам учрашувда сўзга чиқиб, ёшларга омадлар тилади.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари Мақсуд Сафаров, Ориф Холтўраев, 45-мактаб ўқитувчиси Сайёра Омонова, 13-ИДУМ устози Сабоҳат Ҳотамовалар ўқувчиларга иншо ёзиш борасида тавсиялар беришди.
Танлов иштирокчилари “Тоғай Мурод — ўзбек халқининг сўнмас адиби”, “Ойдинда юрган одамлар" адибнинг энг ёркин асари”, “Тоғай Муроднинг ҳаёти ва ижоди” каби мавзуларда иншо ёзиб топширдилар.
]
Бугун, 8 май куни Олтинсой туманидаги 15-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида шоир, адиб, таржимон ва драматург Қўчқор Норқобил билан мактабларнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ҳамда тарғиботчилар иштирокида яна бир ижодий учрашув ўтказилди.
Журналист Тўрамурод Раҳмонов олиб борган тадбирда ёзувчи, драматург Қўчқор Норқобил, ТерДУ ўқитувчиси Аҳад Шукуров, “Халқ ва ҳаёт” газетаси бош муҳаррири Нормурод Темиров, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими Ортиқ Элмуродовлар сўзга чиқдилар.
Олтинсойлик адабиёт мухлислари билан учрашувда Қўчқор Норқобил бугунги адабий жараёнлар, китоб ва китобхонлик мавзуларида сўз юритди. —Ўзинг ўсиб улғайган юрт одамлари билан дилдан суҳбат қуриш жуда-жуда мароқли,—деди Қўчқор Норқобил ўз сўзида.—Бир неча кундирки, туман раҳбари Баҳром Махматраемов билан мактабларда, янги лойиҳалар амалга оширилаётган манзилларда бўлдим. Ўзгаришларни кўриб кўзим қувонди. Бугун эса сиз ёшлар ва устозлар билан дийдорлашиб турганимдан бахтиёрман. Энг асосий нарса китобхонлик ҳақидаги суҳбатлар кишига завқ беради. Биз уяли алоқа воситаларидан чарчадик, зада бўлдик. Айниқса, эртанги кун эгаларини китобга ошно этмасак, меҳр-оқибат йўқолади. Катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш нималигини билмай қоламиз. Шундай экан, китобга дўст бўлайлик. Ана шунда Янги Ўзбекистонимиз эгалари илмли, тўла саводли бўлиб вояга етишади.
Шу ўринда шоир Қўчқор Норқобил ҳаёти ва ижодий фаолияти борасида тўхталиб ўтишнинг мавриди келди.
Қўчқор Норқобил — 1968 йил 5 мартда Олтинсой туманида туғилган. Тошкент давлат университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
“Туркистон” газетасида мухбир, “Саодат” журнали масъул котиби, Ўзбекистон телевидениеси «Сиёсат» таҳририяти муҳаррири, “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталарида муҳаррир ўринбосари, “Инсон ва қонун” ҳуқуқий газетаси таҳририятининг Бош муҳаррири лавозимида фаолият юритиб келган.
Унинг хизматлари муносиб тақдирланган, Қўчқор Норқобил — "Усмон Носир" мукофоти совриндори, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" унвонига сазовор бўлган, 3-даражали адлия маслаҳатчиси, "Адлия аълочиси" кўкрак нишони соҳиби.
Қўчқор Норқобил “Кафтимдаги қизғалдоқ”, “Хосиятли дунё”, “Дераза раҳидаги гул” шеърий китоблари, “Дарё ортидаги йиғи”, “Кулиб тур, азизим”, “Қуёшни ким уйғотади?..”, “Кўзларингни кўргани келдим”, “Афғон: 2-рота”, “Осмон остидаги сир”, “Биз жангдан қайтмадик...”, ”Самодил”, "Урушнинг биринчи куни", "Уруш тугаса, айтинг, қайтиб келаман", “Олисларда осмон йўқ эди" ва Россияда нашрдан чиққан "Хочу увидеть твои глаза" номли насрий китоблар муаллифидир.
А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, С. Есенин, Е. Евтушенко каби шоирларнинг насрий асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
“Тақдир синовлари”, “Қуёшни сен уйғотасан”, “Нур сояда қолмайди”, “Омад биз томонда”, “Сув кўрмай этик ечма”, “Заминдан олис кетма”, “Дилдаги доғ”, “Ўз уйингдан бахт изла”, “Айёргина аёллар”, “Тоғлардек баланд бўл!” каби драмалари республикамиз ва вилоят театрларида саҳналаштирилган.
Учрашув таассуротли воқеаларга бой бўлди. Тоғай Мурод хотирасига бағишланган иншолар танлови ғолиблари эълон қилинди ва туман Мактаб ва мактабгача таълими бўлимининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда меҳмон ижодкор Қўчқор Норқобил томонидан китоблар жамланмаси билан тантанали тарзда тақдирланди.
Танловда 1-ўрин — 67-мактабдан Рўзихол Пардаевага, 2-ўрин 13-ИДУМ ўқувчиси Настарин Қувватовага, 3-ўрин эса икки нафар ўқувчига - 3-мактабдан Мадина Бердиева ҳамда 55-мактабдан Сокина Сафароваларга насиб этди.
Учрашув давомида яна бир эзгу анъана бошлаб берилди. Тадбир иштирокчилари 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан олтинсойлик ёзувчи ва журналист Жўра Қодировни ҳам хотирлашди. Жўра Қодиров билан бирга ишлаган ҳамкасблари, шогирдлар унинг қаламига мансуб асарлар, мақола ва очерклар борасида ажойиб фикрлар билдиришди.
Шоир билан учрашув барчада катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг шоир Қўчқор Норқобил ҳамкасблари ҳамроҳлигида тумандаги Ахборот-кутубхона марказига йўл олишди. Адиб кутубхона фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмон ижодкор тумандаги барча корхона, ташкилот ҳамда ўқув муассасалари раҳбарларини кутубхонага таклиф этиш ва уларни китобхонликка ундаш мақсадида ҳафтанинг бир кунини “Китобхонлик куни” этиб белгилаш борасида тавсия берди.
Тадбир сўнгида Қўчқор Норқобил АКМга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан юборилган сайланма асарлар жамланмасини тақдим қилди.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
10 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?