Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
“ШАРҚ АЁЛИ МАЪРИФАТИ” ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Тадбирлар / 2023-10-14

Бугун, 14 октябрь куни Олтинсой туманидаги “Хўжаипок” санаторийсида Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан Олтинсой туман ҳокимлиги ҳамкорлигида 15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан “Шарқ аёли маърифати” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тарғибот тадбирида Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Пардахол Норқобилова,“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, шоира Зулфия Мўминова, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мақом санъати маркази хонандаси, “Ниҳол” мукофоти соҳибаси Адолат Исмоилова, психология фанлари доктори, профессор Феруза Акрамова, Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Наргиза Раҳматуллаева, Маънавият ва маърифат марказининг Олтинсой туман бўлинмаси бошлиғи Рустам Ядигаров, маҳаллалардан ташриф буюрган хотин-қизлар  фаоллари иштирок этдилар.

Дастлаб пойтахтдан келган меҳмонлар тумандаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган хонадонларда бўлишиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзоларига аталган совға-саломларни топширишди. Пойтахтдан ташриф буюрган маънавият гуруҳи аъзолари ҳамда “Бўстон” МФЙ хотин-қизлар фаоли Гулсин Ибрагимова ҳамда Маънавият ва маърифат марказининг Олтинсой туман бўлинмаси бошлиғи Рустам Ядигаровлар туманнинг “Бўстон” маҳалласида яшовчи, ёш шоира Маърифат Раҳмонова  билан учрашдилар. Республикада таниқли шоира Зулфия Мўминова Маърифатнинг бугунги кундаги ижод намуналари билан танишиб,  ижодига парвозлар тилади. Шундан сўнг меҳмонлар  ушбу маҳаллада яшовчи  кекса онахон Зулхумор ая Худойбердиеванинг хонадонида бўлиб,  онахон билан  юртимиздаги тинчлик ва фаровонликка шукроналик хусусида суҳбатлашдилар.

Маънавият тадбири иштирокчилари  шу маҳаллада яшовчи Элмурод ота Шомуродовнинг ўғли Музаффар ҳамда келини Мадина Сатторовалар билан ҳам учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қуришди.

Эътиборлиси, гуруҳ аъзолари  ажрим ёқасига келиб қолган ва доимий низоли оилалардагилар билан ҳам суҳбат  қуришди ва уларга психологик кўмак кўрсатишди.

  Шундан кейин тарғибот гуруҳи аъзолари  туман марказида жойлашган “Хўжаипок” санаторийсида йиғилган тумандаги хотин-қизлар вакиллари билан учрашдилар. Тадбирни Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Наргиза Раҳматуллаева кириш сўзи билан бошлаб берди ва меҳмонларни бирма бир таништириб, бугуннинг аёллари олдида турган вазифалар, оналик бахти, кийиниш одоби, қизлар тарбияси борасидаги  фикрларини баён қилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган мазкур  учрашувда туман хотин-қизларининг бугунги ижтимоий ҳаёти, амалга ошираётган ишлари, уларнинг турмуш тарзини янада сермазмун қилиш борасида  давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган  ишлар самараси ҳақида сўз борди.

Учрашувда эл севган шоира Зулфия Мўминова ўзининг янги шеърларидан ўқиб берди. Айниқса, шоира эл аро машҳур бўлган “Аёлга бахт беринг, саодат беринг” номли шеърини ўқиётганида залда давомли гулдурос қарсаклар янгради.

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мақом санъати маркази хонандаси, “Ниҳол” мукофоти соҳибаси Адолат Исмоилова ижросидаги янграган ажойиб қўшиқларга тадбирда қатнашаётган хотин-қизларнинг барчаси  яйраб рақсга тушдилар.

Тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, психология фанлари доктори, профессор Феруза Акрамова ва Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Пардахол Норқобиловалар замонамиз хотин-қизларининг ижтимоий ҳаётда ўз ўринларини топишлари, фарзанд тарбиясидаги муаммоларни бартараф этиш, ўз иқтидорини камолга етказиш борасида гапирдилар.

Олтинсойлик хотин-қизлар пойтахтдан келган тарғиботчилар билан эсдалик учун суратларга тушдилар.

Тадбир барчада  хуш таассурот қолдирди.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?
Aъло
100%
Яхши
24%
Қониқарли
0%
Қониқарсиз
14%
Жами: 29 овоз берилди.